РАШИДОВА ОЛИЯ АЛИМОВНА

1957 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, 1979 йилда Бухоро давлат педагогика институтини, 1991 йилда Тошкент сиёсатшунослик ва бошқарув институтини битирган, мутахассислиги математика ўқитувчиси ва сиёсатшунос.

1977-1991-йилларда Ўзбекистон Ёшлар ташкилотининг Бухоро шаҳри, вилояти ва Марказий қўмитасида турли раҳбарлик лавозимларида, 1991-2009 - йилларда Бухоро шаҳар ҳокимлиги аппарати бош мутахассиси, шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи,Байрам ва маросимларни ўтказиш Департаменти раҳбари, “Маҳалла” хайрия жамғармаси шаҳар бўлинмаси раиси лавозимларида фаолият кўрсатди.

2009 йил декабридан 2011 йил апрелигача Бухоро вилоят давлат архиви бош архивчиси лавозимида ишлади. Вилоят давлат архивидаги қисқа фаолияти давомида О.Рашидова ўзини ташаббускор, серқиррали мутахассис сифатида намоён қилди. Касбдошларига, айниқса ёшларга ўз билим ва тажрибасини ўргатишга доимо  тайёрлиги билан ажралиб турди. Вилоят давлат архивида ва идоравий архивларда ҳужжатлаштириш, ижро интизоми ва архив ишини такомиллаштиришда муносиб ҳиссасини қўшди.

Архив ҳужжатлари асосида Бухоро тарихини кенг халқ оммасига етказиш борасида тадқиқотчилик изланишларини амалга оширди. 2010 йилда академик Яҳё Ғуломов номидаги “Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи” Республика илмий семинарида “Бухоро тарихий ёдгорликларини муҳофаза қилиш тарихидан” мавзуидаги маърузаси билан иштирок этди.

Архивдаги тарихий ҳужжатлар асосида ёзилган “Бухоро тарихий ёдгорликларини муҳофаза қилиш тарихидан”, “Как благоустраивалась Бухара?”, “О строительстве Бухарского городского водопровода”, “А вы знаете историю своей махалли?”, “История гузаров Бухары – в архивных источниках”, “Ситораи Мохи Хосса – неподражаемый памятник старины”, “Жондор тумани тарихи ҳақида”, “Выставка БНСР в Москве”, “Актуальные вопросы пенсионной реформы: вчера и сегодня”, “О чем писала газета. Год 1941”, “Об эвакуации польских граждан”, “Касбининг фидойиси эди...”, “История на фотографиях” каби мақолалари рўзномаларда чоп этилди, вилоят радио тўлқинларида эшиттирилган, телекўрсатувлар тайёрланди.

2013 йилда жамоатчи тадқиқотчи сифатида “Архив ҳужжатлари гувоҳлик беради” номи билан архив ҳужжатлари асосида оммавий ахборот воситаларида  1999-2013 йилларда чоп этилган мақолалар тўпламини нашрга тайёрлади.         Вилоятда соғлиқни сақлаш ҳамда архив тизимларининг ташкил қилиниши ва ривожланиши тарихига оид маълумотлардан иборат рисолаларни тўплади. 1924-2014 йиллар давомида Вилоят давлат архивида фаолият кўрсатган ўз касбининг фидойилари бўлган ходимлар тўғрисида ҳикоя қилувчи “ТАРИХ ХАЗИНАЧИЛАРИ” номли тўпламнинг муаллифи ҳамдир.

“Бухоро мустақиллик йилларида”, “Бухоро вилоят давлат архиви” ҳужжатли альбомларини тайёрлашда фаол иштирок этди.

О.Рашидова ташаббуси ва раҳбарлигида Бухоро вилоят давлат архивида сақланаётган фотосуратлар тизимлаштирилди. 1895 йилдан 2014 йил 1 январигача бўлған 9000 фотосуратлар 3 типдаги: фотоальбомлар, мавзули ва электрон фотосуратлар мажмуалари тайёрланиб, бир тўплам тузишга муваффақ бўлинди.

 

Айни вақтда нафақахўр.  Жамоатчи тадқиқотчи.